Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари. Барчасидан хабардормисиз?

Mushtariybegim Rashidova
Mushtariybegim Rashidova 11.08.2021, 22:27
  • Mehnat munosabatlari
  • 350
Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари. Барчасидан хабардормисиз?

Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари.

Барчасидан хабардормисиз?

Токи сиз бирон ерда ишлар экансиз, иш фаолиятингиз давомида турли воқеа-ҳодисаларга дуч келишингиз турган гап. Кўп ҳолларда биз ўзимизнинг ишдаги мажбуриятларимизни жуда яхши англаган ҳолда, элементар ҳуқуқларимиз ва уларни қонун нуқтаи назаридан қандай амалга ошириш мумкинлигидан бехабар бўламиз. Мисол учун, ишдан бўшаётганимизда ёки, дейлик, касал бўлиб қолдик, ходим сифатида қандай ҳуқуқларимиз бор?

Хабардор бўлиш – қуролланган бўлиш, демакдир. Ҳуқуқшунос бўлмай туриб ҳам ўзимизнинг ҳуқуқларимиздан хабардор бўлиб қўйишимиз ҳар қандай вазиятда жанговар ҳолатда бўлишимизни ва ҳеч ким бизга иш вақтида ноқонуний ҳаракатларни амалга ошира олмаслигини билдиради.

Сизнинг ишдаги ҳуқуқларингиз:

1. Меҳнат шартномасини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш

Асос: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг VI боби

Меҳнат шартномаси – бу шундай ҳужжатки, унда сизнинг иш жойингиз, меҳнат вазифангиз, ишингизнинг бошланган куни, меҳнат ҳақингизнинг миқдори ва меҳнатнинг бошқа шартлари тўла белгилаб қўйилади.

Сизни ҳеч ким сизга ёқмайдиган жой ёки шароитда ишлашга мажбур қила олмайди. Меҳнат шартномаси тузилган ҳолда ҳеч бир сабабсиз ишдан ҳам бўшатиб юборишлари мумкин эмас. Бироқ сиз уни бекор қилишингиз мумкин, айрим расмиятчиликларга риоя қилган ҳолда: қонунга кўра ходим иш берувчини огоҳлантирган ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга (МКнинг 99-моддаси).

Меҳнат шартномалари муддатли ёки муддатсиз бўлиши мумкин. Муайян муддатга тузиладиган шартномаларнинг муддати максимал 5 йил. Бироқ сиз эртароқ бўшамоқчи бўлсангиз, иш берувчини 2 ҳафта олдин бу ҳақда огоҳлантириб, меҳнат шартномасини бекор қилсангиз бўлади. Икки ҳафтани ишлаб бермасдан фақатгина иш берувчининг розилиги билан кетишингиз мумкин.

Меҳнат шартномаси ҳар иккала тарафнинг розилиги билан тузилади – сизнинг ва иш берувчининг. Шартнома ёзма бўлиши керак, оғзаки шартнома ҳеч қандай кучга эга эмас.

 

2. Ўз вақтида маош олиш ҳуқуқи

Асос: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг IX боби

Меҳнат шартномаси тузаётганда, меҳнатингизга қайси пайт ва қанча миқдорда ҳақ тўлашларини, маошингиздан ушлаб қолишаётган бўлса ёхуд кечиктириб тўлашаётган бўлса, сизнинг қандай ҳуқуқларингиз борлигини билишингиз лозим. Иш берувчи иш ҳақини қандай ва қачон хоҳлаганда эмас, балки қонунда белгиланган тартибда тўлаши шарт. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 153-моддасига кўра меҳнат ҳақининг миқдори иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланади ва 161-моддага мувофиқ бир ойда 2 марта тўланиши лозим. Алоҳида ҳоллардагина ходимларнинг айрим тоифалари учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан иш ҳақи тўлашнинг бошқа муддатлари белгилаб қўйилиши мумкин. Агарда ходим ишдан бўшаса, ҳисоб-китоб ўша куннинг ўзидаёқ амалга оширилади, кейинроқ эмас. Таътил учун ҳақ тўлаш эса таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади (МК 148-модда). Таътил тугаганидан кейин ҳақ тўлаш мутлақо қонунга зид ҳисобланади. Иш берувчининг айби билан меҳнатга ҳақ тўлаш кечиктирилганда бунинг учун жавобгарлик мавжуд.

Меҳнат шартномаси ёки жамоа шартномасида иш ҳақи ҳақида нима ёзилганлигини текширинг. У ерда меҳнат ҳақининг миқдори, аванс, якуний ҳисоб-китоблар, премия ва компенсациялар ҳақида тўҳталиб ўтилган бўлиши керак.

3. Таътил, отгул ва танаффуслар олиш ҳуқуқи

Асос: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг VII боби

Ходимлар яхши ишлашлари учун дам олишлари жуда муҳим. Иш берувчи истаган пайтда эмас, балки қонун белгилаган муддатларда ходимларга таътиллар тақдим этилади. Мисол учун, ҳар бир ходим йилига 15 кунлик дам олиш ҳуқуқига эга – улар олдиндан иш берувчининг ҳисобидан тўланади. Таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим. Ҳар бир ходим дам олиш ҳуқуқига эга. Ходимга иш куни (смена) давомида дам олиш ва овқатланиш учун танаффус берилиши керак, бу танаффус иш вақтига киритилмайди. Танаффус бериш вақти ва унинг аниқ муддати ички меҳнат тартиби қоидаларида, смена графикларида ёки ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгилаб қўйилади.

Ишнинг тугаши ва кейинги иш кунининг бошланиши ўртасидаги дам олиш вақти эса 12 соатдан кам бўлиши мумкин эмас. Қолаверса, барча ходимларга дам олиш кунлари тақдим этилади. 5 кунлик иш ҳафтасида ходимларга ҳафтада 2 дам олиш куни, 6 кунлик иш ҳафтасида эса бир кун дам олиш куни берилади. Дам олиш кунларида ишлашни қонун тақиқлайди. Ходим дам олиш кунларида ҳам ишга жалб қилинса, бунинг учун компенсация талаб қилиши мумкин (асос: МК 157-моддаси). Дам олиш кунида ҳам ишлаган ходим бошқа куни "отгул" талаб қилиш ҳуқуқига эга. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ёхуд иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.

Таътил, "отгул" (бошқа дам олиш) ва танаффус олиш ҳуқуқи Меҳнат кодексига биноан берилади. Иш берувчи таътил вақтини камайтириш, дам олиш кунида ишлашга мажбур қилиш ёки тушлик қилишни тақиқлашига йўл қўйилмайди. Сиз, албатта, таътиллар жадвалини кузатиб боринг: МК 144-моддасига кўра таътил бериш вақти ҳақида ходим таътил бошланишидан камида 15 кун олдин хабардор қилиниши керак. Агар меъёридан ортиқ ишлаган бўлсангиз, "отгул" олишга ариза ёзинг. Жамоа ёки меҳнат шартномасида тушлик учун танаффус ҳақида нима ёзилганини текширинг.

 

4. Ижтимоий суғурталаниш ҳуқуқи

Асос: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг XVI боби

Барча ходимлар давлат йўли билан ижтимоий суғурта қилинишлари лозим. Суғурта қилинган ходимлар, тегишли ҳолларда эса, уларнинг оилалари ҳам давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақалари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари, бола туғилганда бериладиган нафақалар, ёшга доир нафақа, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиялари билан таъминланадилар.

 

5. Хавфсиз иш муҳити ва меҳнат муҳофазасига бўлган ҳуқуқ

Асос: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг XIII боби

Агар иш берувчи иш жойини тақдим этган бўлса, у иш берувчининг нуқтаи назаридан эмас, балки нормативларни ҳисобга олган ҳолда хавфсиз бўлиши керак. МК 211-моддасига мувофиқ, иш берувчи қўл остидагилари учун хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларини яратиб бериш мажбуриятини олади. Иш дастгоҳи соз, хизмат машинаси юриб турган, иш столи тоза, нурланиш эса меъёрида бўлиши лозим. Иш берувчи меҳнат шартномасини тузишда ва бошқа ишга ўтказишда ходимни меҳнат шароитлари тўғрисида, шу жумладан, касб касалликлари ва бошқа касалликларга чалиниш эҳтимоли, шу билан боғлиқ ҳолда унга бериладиган имтиёз ва компенсациялар, шунингдек, шахсий ҳимоя воситалари ҳақида хабардор қилиши керак (МК 213-моддаси). Меҳнат шароити ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар зарур ҳолларда белгиланган нормалар бўйича сут, даволаш-профилактика озиқ-овқати, газли шўр сув, махсус кийим-бош, махсус пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан таъминланишлари зарур. Ходимларга техника хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси, ёнғин чиқишдан сақланиш бўйича йўл-йўриқлар бериш иш берувчининг вазифасидир.

Ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келиб қолганлиги тўғрисида иш берувчига дарҳол хабар қилади. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириб бориш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи органлар ана шу ҳолатларни тасдиқлаган тақдирда иш берувчи бу ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўради. Агар зарур чоралар кўрилмаса, ходим ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар бартараф этилгунга қадар тегишли ишни бажаришни рад этишга ҳақлидир. Ана шу давр мобайнида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади.

 

6. Етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқи

Асос: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг XII боби

Агар иш берувчи иш ҳақини кечиктирса, таътил беришдан бош тортса ёхуд ғайриқонуний равишда сизни ишдан бўшатса, бунинг учун жавобгарлик мавжуд. Бундай ҳолларда, иш берувчи етказилган ҳар қандай зарарни тўлиқ ҳажмда тўлайди. Масалан, ходим меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилган барча ҳолларда ололмай қолган иш ҳақини иш берувчи унга тўлаши шарт (МК 188-модда). Ходимнинг соғлиғига меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки у ўз меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарарни иш берувчи тўлиқ ҳажмда тўлаши шарт. Меҳнат шартномасида белгиланган вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги натижасида ходимнинг шахсий буюмлари ёки бошқа мол-мулкига зарар етказган иш берувчи бу зарарни натура ҳолида қопламоғи лозим.

Агарда сизга юқорида санаб ўтилган кўринишлардан бирида иш берувчи томонидан зарар етказилган бўлса, унда зарарни ундириш ҳақида ариза беринг. Иш берувчи аризани кўриб чиқиши ва ариза тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида тегишли қарор қабул қилиши шарт. Иш берувчи 3 кун ичида аризангизга жавоб қайтаради. Агар сиз иш берувчининг қарорига рози бўлмасангиз ёки белгиланган муддатда жавоб ололмаган бўлсангиз, унда низони ҳал қилиб бериш учун судга мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Рашидова Муштарийбегим Ўткир қизи

Тошкент давлат юридик университетининг 

4-босқич талабаси

Boshqa xizmatlar

Saytda savol berishingiz mumkin, bundan tashqari telefon orqali konsultatsiya olishingiz hamda kerakli hujjatlarni buyurtma qilishingiz mumkin



50 000 so'mdan
Foydalanish

Telefon konsultatsiya

Telefon raqamizgizni qoldiring va mutaxasis siz bilan tez orada bog'lanadi.

Kelishuv asosida
Foydalanish

Hujjat buyurtma qilish

Yuridik hujjat uchun buyurtma bering va qisqa vaqtda natijaga erishing

Preloader