ССВ буйруғи қонунийми? Коронавирус беморларини шифохонадан ташқарида даволаган тиббиёт ходимлари жавобгарликка тортилармиш

Utkirbek Kholmirzayev
Utkirbek Kholmirzayev 09.08.2020, 23:27
  • Sud-huquq masalalari
  • 729
ССВ буйруғи қонунийми? Коронавирус беморларини шифохонадан ташқарида даволаган тиббиёт ходимлари жавобгарликка тортилармиш

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (кейинги ўринларда – ССВ) “Коронавирусга чалинган беморларни шифохонадан ташқарида даволаган тиббиёт ходимлари жавобгарликка тортилади” деган таҳдидли хабарига кўра ССВ нинг “Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш мезонларини тартибга солиш ва ретро-проспектив таҳлил ўтказиш тўғрисида”ги буйруғининг (кейинги ўринларда – буйруқ) амал қилиш доираси кенг ва бу билан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига дахл қилувчи қоидалар ўрнатишга уринилган ("уринилган" деганимнинг сабаби, ССВ чиқарган буйруқ бундай тақиқни ўрната олмайди, буйруқлар бу каби қонуний кучга эга эмас).

1. Буйруққа кўра коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни белгиланган даволаш-профилактика муассасаларидан бошқа жойларда инъекцион ва инфузион дори воситаларидан фойдаланган ҳолда даволаш ва шифокор буюрган муолажаларни амалга ошириш тақиқланади.

2. Қолаверса, коронавирус билан касалланган беморларни даволаш учун мослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларидан ташқарида беморларни даволамаслик ва белгиланган муолажаларни олиб бормаслик тўғрисида юртимиздаги барча тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларидан кафолат хатлари олинар экан.

3. Айнан қандай муолажалар мумкин ёки мумкин эмаслиги маълум эмас, буйруқ матни эълон қилинмаган. Бу каби чекловни белгилашга ССВ қанчалик ваколатли? Балки, буни тиббий нуқтаи назардан "тавсия" деб аташ керакдир?

4. Шунингдек, мазкур тартибга риоя қилмаган ходимлар Соғлиқни сақлаш вазирининг шу йилнинг 5 август куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги буйруғига ва "COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмалар”нинг 6-нашрида белгиланган тартиб ва тавсияларга зид ҳаракат қилган, деб топилиб, жавобгарликка тортилиши қатъий белгилаб қўйилган экан. Хўш, бу ўзи қандай жавобгарлик? Интизомийми? Маъмурий ёки жиноийми?

Жавобгарлик асослими? Йўқ.

Бундай жавобгарлик масаласи тиббий эмас, тўлиқ ҳуқуқий масаладир.

Албатта, уй шароитида инъекцион ва инфузион дори воситаларидан фойдаланган ҳолда даволаш мумкин эмас. Лекин бунинг учун ex ante тартибга солиш шаклида жавобгарлик белгилаб бўлмайди. Масалан, уйда муайян муолажа(инфузион дори қўллаш, осма укол)ни махсус кўрсатма (тавсиявий характердаги) билан тақиқлаш мумкин. Бироқ уйда даволаганлик учун жавобгарлик ва санкция йўқ, бундай қилиш мантиқсиз бўларди. Қолаверса, ССВ буйруғи бундай жавобгарликни ўрнатолмайди (бунинг асоси қуйироқда батафсил келтирилади).

Чунки бундай нотўғри даволаш фақатгина муайян оқибатларни келтириб чиқариб, жиноят аломатлари топилгандагина жиноий жавобгарликка сабаб бўлади:

"Шахснинг ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса". (Жиноят кодексининг 116-моддаси).

Ушбу жиноят таркиби мавжуд бўлиши аслида бемор қаерда даволанишига боғлиқ эмас, даволаш қаерда амалга оширилишидан қатъи назар (уйдами ёки махсус касалхонада), юқоридаги белгиларга олиб келса, у жиноят ҳисобланади ва жавобгарлик муқаррардир. Уйда даволаш эса ўша бепарволик (инсофсизлик билан муносабатда бўлиш, ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик)ни ифодалаши мумкин. Аммо бу ҳолатда ҳам "бепарволик ёки инсофсизликни" исботлаш талаб этилади.

ССВнинг юқорида зикр қилинган буйруғи бутунлай бошқача қоида ўрнатишга ўринсиз уринади. ССВ фақатгина уйда даволамасликни уқтириши, тўғри даволаш протоколларини тавсия этиши керак.

Жавобгарлик белгилаш эса унинг ваколати ва билим доирасига кирмайди. Унинг белгиланиш тартиби ва мантиғи бор.

Энг қизиғи буйруқда уйдагина эмас, коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни белгиланган даволаш-профилактика муассасаларидан бошқа жойларда даволашни ҳам тақиқлашга уринилган. Билмадим, бундай тақиқ тиббий нуқтаи назардан қанчалик тўғри? Агар муолажа нохуш оқибатлар келтириб чиқарганида (масалан, укол реакция берганда) беморга тезкор тиббий ёрдам кўрсатиб бўлмаслиги уйда даволанишни тақиқлашга асос бўлса, нега бошқа исталган даволаш муассасасида муолажага рухсат этилмай, айнан махсус мослаштирилган муассаса билан чеклашга уринилмоқда? Ўзи фақат белгиланган махсус муассасалар муолажаларни амалга ошириш учун етарлими? Балки фақат тиббиёт муассасаларида муолажа олиш тавсия этилар? Лекин яна бир бор таъкидлаш керакки, бу каби тақиқ юридик кучга эга эмас.

Буйруқда "COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмалар" мажбурий ҳужжат сифатида уни бузишга жавобгарлик бор деб кўрсатишга уриниш қонунга ва мантиққа зид. Айтиб ўтилганидай, жавобгарлик ex post шаклда ўрнатилади: даволаш даволовчининг бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, кейин жавобгарликка сабаб бўлади.

Протоколга амал килмаслик ҳеч қандай жавобгарлик келтириб чиқариши мумкин эмас, лекин касб юзасидан ўз вазифаларини бажарганлиги ёки лозим даражада бажарганлигини баҳолашда рол ўйнаши мумкин. Лекин даволаш протоколлари норматив-ҳуқуқий мақомга эга эмаслиги учун уларга амал қилиш мажбурий бўлолмайди. Муайян касалликни даволаш бўйича протоколларнинг кўплаб вариантлари бўлиши, шифокор бемор ҳолатидан келиб чиқиб, шунингдек, ўз билим ва тажрибасига асосан истаган протоколини танлашга ҳақли. Бу ҳақда қуйида яна тўхталамиз.

Интизомий жавобгарлик ўрнатиш ҳам худди шу каби бу буйруқ билан амалга ошиши мумкин эмас.

Даволаш протоколлари ва "COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмалар"нинг 6-нашрида белгиланган тартиб ва тавсиялар мажбурийми ёки тавсиявийми?

Яна ўша юқоридаги тартиб:

Агар протоколни қўллаш ҳамма учун мажбурий бўлса, марҳамат, норматив-ҳуқуқий ҳужжат шаклида қабул қилинсин. Лекин бундай бўлолмайди. Чунки даволаш протоколлари ўзгарувчан, ҳар бир шахснинг индивидуал тана хусусиятларидан келиб чиқиб, ўзгариши мумкин.

Аслида бу каби тавсиялар (даволаш протоколи) тўғри даволаш учун муҳим. Бироқ, у ягона эмас. Турли тиббиёт муассасалари ва комиссиялар ўз тадқиқотларидан келиб чиқиб турлича даволаш усулларини таклиф этиши мумкин. Шунингдек, коронавирусни даволашда ҳам ривожланган халқаро тиббиёт муассалари, тадқиқот марказларининг даволаш тартиблари, тавсиялари мавжуд.

Даволашнинг тўғри ёки нотўғрилигини пост-контрол назорат билангина жавобгарликка тортиш мумкин: яъни, айнан нотўғри даволаш усули туфайли шахс соғлигига зарар етган ҳолатдагина тегишли маъмурий ва жиноий жавобгарликка асос бўлиши мумкин (бунда жавобгарлик ҳолати кўплаб далиллар билан исботланиши лозим). ССВ буйруғи асло бундай жавобгарликни белгилай олмайди. 

Хусусий клиникалар учун ССВ даволаш протоколи мажбурийми?

Уни бузиш лицензия бекор бўлишига сабаб бўладими?

Даволаш протокллари ҳеч қачон умуммажбурий кучга эга бўлолмаслигини юқорида айтиб ўтдик.

Хусусий тиббий клиникалар ҳам даволаш стандартларини бузган тақдирда лицензиясини бекор қилиш бўйича огоҳлантирилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 июндаги 405-сон қарори билан тасдқиланган "Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом"нинг 10-бандидаги лицензия талаблари ва шартларига кўра хусусий клиникаларга лицензияловчи орган (ССВ) томонидан тасдиқланган ва (ёки) халқаро тиббий амалиётда синовдан ўтган профилактика усуллари, диагностика ва даволаш стандартларига риоя қилиш мажбурияти юкланган.

Демак, ССВ тасдиқлаган протоколга эмас, халқаро тиббий амалиётда ишлатилган даволаш протоколларига риоя қилиш етарли. ССВнинг лицензияни бекор қилиш ҳақидаги огоҳлантириши асоссиз.

ССВнинг мазкур буйруғи шундай тақиқловчи ва жавобгарликни белгиловчи қоидаларни ўрната оладими? Йўқ.

Албатта, ССВ буйруғи билан умумажбурий қоидалар ўрнатиши мумкин. Лекин бунинг учун у буйруқ белгиланган тартибда тайёрланиб, қабул қилиниши лозим. Ушбу тартибда эса лойиҳа бир неча босқичлардан ўтади, манфаатдор идоралар билан келишилади, Адлия вазирлигида экспертизадан ўтади, оммавий муҳокамага чиқарилади.

Шундагина мувозанатли ва қонуний идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида қабул қилинади ва белгиланган тартибда оммавий эълон қилингач, қонуний кучга киради.

Лекин юқоридаги буйруқ:

– Аввало, омммавий эълон қилингани йўқ;

– Иккинчидан, унинг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида қабул қилинганини билмаймиз (чунки эълон қилинмаган).

Бу эса унинг қонуний кучга эга эмаслигини таъкидлаш учун етарли.

ССВ амал қилиш доираси кенг бўлган (барча давлат тиббиёт муассалари ходимларига мажбурий  қоидалар ўрнатиб) ва чекланмаган шахслар ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилувчи ҳужжатни норматив шаклда эмас, ўз ички буйруғи сифатида амалга киритишга уриниши асло келишиб бўлмайдиган ҳолатдир. (Аслида ҳуқуқий жиҳатдан қабул килиб бўлмайдиган ҳолат,  яъни,  қонунчилик техникасига ҳам зид: бу буйруқ мазмуни модомики кенг доирадаги фуқаролар манфаатларига доир бўлар экан, у норматив ҳужжат талаблари асосида қабул қилиниши шарт).

Адлия вазирлиги ушбу буйруқ мазмунини ўрганиб, агар кенг доирада амал қилишга муўлжалланган бўлса, уни бекор қилиш бўйича чораларни кўриши лозим.

Балки, бу буйруқ идоравий норматив-ҳуқуқий шаклда қабул қилингандир? Ҳатто шундай бўлган тақдирда ҳам расмий нашрларда тўлиқ шаклда (норматив-ҳуқуқий ҳужжат реквизитлари билан) оммавий эълон қилинмаганининг ўзи ушбу буйруқ юридик кучга эга эмаслиги учун етарли бўлади.

Энг муҳими, бу каби муҳим, жамият соғлиғи, тиббий хизмат кўрсатилишига таъсир қилувчи, чекловчи қоидалар етарлича муҳокамалар билан, ҳар томонлама тадқиқотларга асосланиб ва тегишли ваколатли органлар билан келишиб қабул қилиниши керак. Жавобгарлик каби муҳим институт эса вазирлик белгилайдиган нарса эмаслигини яна бир бор таъкидлаш ўринли.

Демак:

1. ССВ протоколлари мажбурий кучга эга эмас.

2. Унга амал қилмасликнинг ўзи жавобгарликка сабаб бўла олмайди

3. Уларга амал қилмаслик хусусий клиникалар лицензиясини бекор қилишга асос бўла олмайди.

4. ССВ буйруғи норматив-ҳуқуқий ҳужжат эмас, унинг жавобгарлик белгилашга ваколати йўқ. 

5. Жавобгарлик ўзгармаган, ҳали ҳам қонунда белгиланган тартибда турибди: нотўғри даволаш (ЖКнинг 116-моддаси). 

6. Уйда укол килиш мумкин эмас, бироқ уйда укол қилиш учун жиноий ёки маъмурий жавобгарлик йўқ, фақат унинг оқибатларига кўра ЖКнинг 116-моддаси қўлланилиши мумкин.

Ўйлайманки, бу каби тизимсиз қоидалар қайта кўриб чиқилади. Коррупцоген сабаблар ҳам текширилади. Жамият соғлиғи ўта муҳим бир қадриятдир, уни зўрма-зўраки ноқонуний тақиқлар ва таҳдидлар эмас, мувозанатли ечимлар ва илмий асосланган тавсиялар (айнан тавсия, мажбурий қоида эмас) билан асрайлик.

Boshqa xizmatlar

Saytda savol berishingiz mumkin, bundan tashqari telefon orqali konsultatsiya olishingiz hamda kerakli hujjatlarni buyurtma qilishingiz mumkin



50 000 so'mdan
Foydalanish

Telefon konsultatsiya

Telefon raqamizgizni qoldiring va mutaxasis siz bilan tez orada bog'lanadi.

80 000 so'mdan
Foydalanish

Hujjat buyurtma qilish

Yuridik hujjat uchun buyurtma bering va qisqa vaqtda natijaga erishing

Preloader