"Ҳоким ўлди" – туҳматнинг чегараси қаерда?

Adham Abdulmumin
Adham Abdulmumin 05.08.2020, 05:49
  • Sud-huquq masalalari
  • 630
"Ҳоким ўлди" – туҳматнинг чегараси қаерда?

Яқинда "Сурхондарё ҳокими вафот этди", деб маълумот тарқатган шахслар туҳмат бўйича жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар чиқди.

Суд ҳужжатларини эълон қилувчи порталга жойлаштирилган суд қарорига кўра 2020 йил 27 июль куни Термиз шаҳар маъмурий суди, А.Абдулакимов раислигида, судья ёрдамчиси С.Турдиев котиблигида,  Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг (МЖтК) 40-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик ишини кўриб чиққан.

Суд қарорида кўрсатилишича, Г.Рузиева 2020 йил 24 июль куни соат 08:20 ларда ўзининг уяли телефони орқали блогер Д.Останақуловага Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов вафот этгани ҳақида айтиб, туҳмат, яъни бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирма тарқатган. Аниқланишича, Г.Рузиева Термиз шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази дезинфекция бўлимида ишчи сифатида фаолият кўрсатади.  

Қарорда ҳуқуқбузар Г.Рузиева айбини тан олгани, Д.Останақуловага ҳамкасблари вилоят ҳокими Тўра Боболов вафот этгани ҳақида гаплашишаётганлиги ҳақида айтиб юборганлиги, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, етим эканлиги, онаси ва икки нафар синглисини якка ўзи боқиб келаётганлиги, суддан енгиллик беришни сўрагани келтирилган.  

Суд Г.Рузиевани МЖтКнинг 40-моддасида кўрсатилган туҳмат ҳуқуқбузарлигини содир этганликда айбдор деб топган ҳамда унга МЖтКнинг 40-моддасига асосан, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, яъни, 669 000 сўм миқдорида жарима тайинлаган. Жарима давлат фойдасига ундирилиши белгиланган.

Туҳмат нима

МЖтК 40-моддасига кўра туҳмат бу – била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатишдир.  

Яъни, муайян бир қилмиш туҳмат деб баҳоланиши учун, бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартлар вужудга келиши керак:

а) уйдирма маълумотнинг ёлғонлигини олдиндан била туриб (тарқатаётган маълумот ёлғонлигини), шахсни қасддан шарманда қилиш учун тарқатиши;

б) уйдирма маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслиги ҳамда шарманда қилувчи бўлиши;

в) бошқа шахсларга етказилиши (бундай маълумотларни фақатгина ўша шахснинг ўзига айтиш, бу маълумотларни тарқатиш деб қаралмайди).  

Демак:

1. Тўра Боболов вафоти ҳақидаги хабар ёлғон, ҳақиқатга тўғри келмайди;

2. Тўра Боболов вафоти ҳақидаги ёлғон хабар шарманда қилувчими, ҳокимнинг шаъни, қадр-қимматини камситадими, шарманда қиладими?  

3. Ҳуқуқбузар деб топилган Г.Рузиева бу маълумотни қасддан, ёлғонлигини била туриб ва ҳокимни шарманда қилиш учун тарқатдими?  

Бу ҳолат етарли далиллар билан исботланганми?

Суриштирув органи, шунингдек суд ҳам далилларни ҳар томонлама, тўла ва объектив жамлаб текшириши керак (МЖтКнинг 276-, 277-моддалари).  

Қолаверса, ҳуқуқбузарлик факти ҳақидаги ва уни содир этишда шахснинг айбдорлиги масаласини аниқлашда, суд нафақат тақдим этилган материалларни текшириши, балки, зарурат бўлганда, қўшимча далилларни талаб қилиши, хусусан, ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузган мансабдор шахсни, жабрланувчи ва гувоҳларни сўроқ қилиши, экспертиза тайинлаши ва бошқа ҳаракатларни амалга ошириши шарт (Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 35-сон қарори, 30.11.2018 й.).

Суд ушбу иш бўйича маълумотлар шарманда қилувчи эканлигини, шунингдек Г.Рўзиева маълумотни уйдирма эканлигини олдиндан била туриб қасддан тарқатганлигини қандай далилларга асосланиб "исботланган" деб топди экан? Ҳар ҳолда бу ҳақда қарорда айтилмаган.

Шу нуқтаи назардан суд қарори қанчалик адолатли?

Ҳокимдан ариза тушганми? Унда ҳоким шаъни, қадр-қиммати камситилгани қаердан маълум бўлди?

ОАВда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов коронавирусдан даволанаётгани ҳақида хабар берилганди. Шунга кўра, Г.Рузиева ҳамда блогер Д.Останақулованинг ҳоким вафоти ҳақидаги асоссиз маълумоти юзасидан ҳоким ариза билан мурожаат қилдими ёки суриштирув органи ўзи мустақил аниқладими, деган савол туғилади.  

Агар ариза берилган бўлса тушунарли. Лекин ҳоким ўзининг вафоти ҳақидаги ёлғон маълумотни "шарманда қилувчи" деб ҳисоблаши жуда қизиқ.  

Агар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган (ишни ички ишлар органлари қўзғатган бўлиши мумкин) ўз ташаббуси билан ҳуқуқбузарлик ҳақида иш қўзғатган бўлса, ушбу маълумот (ҳокимнинг вафот этганлиги ҳақидаги хабар) жабрланувчининг – ҳоким Тўра Боболовнинг шаъни, қадр-қимматини камситиши, шарманда қилишини қаердан билган? Чунки, бу маълумот (ҳокимнинг вафоти ҳақидаги ёлғон маълумот) ҳокимни шарманда қилиши ёки қилмаслигини, барибир, унинг баҳосисиз аниқлаш қийин, балки имконсиз ишдир.  

Зеро, шахснинг вафотига оид ёлғон хабарлар одатда шарманда қилувчи ҳисобланмайди.  

Нега хусусий-ҳуқуқий чоралар эмас, маъмурий чоралар кўрилмоқда?

Сўнгги вақтларда мансабдор шахслар томонидан ўзларига нисбатан ҳар қандай гап-сўзга нисбатан маъмурий чораларани, айниқса туҳмат ва ҳақорат каби ҳуқуқбузарлик бўйича таъсир чораларини кўришни сўраб мурожаат қилиши тез-тез учрамоқда (Асака туманида Отабек (Абдуфатто)Нуриддинов иши каби).  

Албатта, қонун шахснинг қадр-қимматини, шаънини, ишчанлик обрўсини ҳимоя қилади. Юқоридаги каби ёлғон маълумотлар тарқатиш ҳуқуққа хилоф. Лекин бу қилмиш учун маъмурий жавобгарликка тортиш қанчалик адолатли?

Балки у миш-миш хабарни текшириб улгурмагандир? Ростлигига ишонгандир.

Унда била туриб уйдирма тарқатиш қасди борми-йўқми, буни биз билмаймиз. Лекин бир шахс, айниқса, машҳур кишиларнинг вафоти ҳақидаги ёлғон хабар ва миш-мишлар кўп учраб туради. Ва одатда бундай хабарлар "шарманда қилувчи" дея баҳоланмайди.  

Негадир, маъмурий таъсир чораларидан кўра хусусий-ҳуқуқий жавобгарлик чораларига бориш жуда кам. Чунки шаънингиз камситилиши ва бу ҳолат маъмурий ҳуқуқбузарликка доим ҳам тортмаслиги мумкин. Бунда фуқаролик судига қадр-қиммат ва шаън камситилгани туфайли маънавий зарар ундиришни сўраб мурожаат қилиш керак.  

Бир шахс ўз шаъни ва қадр-қиммати камситилганини даъво қилиб, бошқа шахсни фуқаролик тартибида судга берса, буни исботлаш даъвогарнинг ўзига юклатилади. Менимча, мана шу исботлаш масаласида қийналмаслик учун маъмурий ҳуқуқбузарлик йўли осонроқ. Бироқ, бу адолатли эмас! 

Ўткирбек Холмирзаев

Boshqa xizmatlar

Saytda savol berishingiz mumkin, bundan tashqari telefon orqali konsultatsiya olishingiz hamda kerakli hujjatlarni buyurtma qilishingiz mumkin



50 000 so'mdan
Foydalanish

Telefon konsultatsiya

Telefon raqamizgizni qoldiring va mutaxasis siz bilan tez orada bog'lanadi.

80 000 so'mdan
Foydalanish

Hujjat buyurtma qilish

Yuridik hujjat uchun buyurtma bering va qisqa vaqtda natijaga erishing

Preloader