Шахсий ҳаёт сири ва шахсга оид маълумотлар

Utkirbek Kholmirzayev
Utkirbek Kholmirzayev 20.09.2020, 06:57
  • Jinoyat huquqi
  • 477
Шахсий ҳаёт сири ва шахсга оид маълумотлар

Оммавий коммуникациялар ривожланиши билан бугун ижтимоий тармоқ ва Интернет сайтларида шахснинг шахсий ва оилавий сирига оид маълумотлар унинг розилигисиз олиниши, тарқатилишига гувоҳ бўляпмиз. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда, интернет сайтларида шахсга доир маълумотлардан (фотосуратлар, исм-шариф, лавозим ва ҳоказо) унинг розилигисиз фойдаланиш, тарқатиш ҳолатлари ҳам кўпайган. Кўпчилик Интернет фойдаланиувчилари ўз шахсий ҳаётига, шахсига оид маълумотларнинг тарқалишига оид ҳуқуқбузарликдан жабр кўриб қолмоқда.

Шахсий ҳаёт дахлсизлиги, яъни, инсоннинг шахсий ҳаётига ҳар қандай аралашув ва тажовуздан ҳимоя қилиниши шахснинг фундаментал ҳуқуқидир. Ҳуқуқий жамиятларда шахсий ҳаёт дахлсизлиги олий қадрият ҳисобланади.

Ўзбекистон Конституцияси ҳам ушбу қадриятни тан олиб, шахсий дахлсизлик ҳуқуқини кафолатлаган (Ўзбекистон Конституцияси 25- ва 27-моддалари).

Демак, инсоннинг шахсий дахлсизлиги олий қадрият экан, инсоннинг шахсий ҳаётига, унинг шахсига доир маълумотларни олиш, қайта ишлаш, сақлаш, тарқатиш ва умуман унга доир маълумотлар билан ишлаш қонун билан тартибга солинган.

Шахсий ҳаёт дахлсизлиги

Шахсий ҳаёт деганда жисмоний шахснинг ўзи томонидан олиб бориладиган, ташқи таъсирдан холи бўлган унинг жисмоний ва руҳий ҳаёти тушунилади. Яъни, шахсий ҳаёт бу оилавий, маиший муҳит (оила аъзолари, лавозими, миллати, кимнинг қаерда ишлаши, қаерда нима овқат ейиши ва ҳоказо), мулоқот муҳити (дўстлари, танишлари, ишқий муносабатлари), диний муносабати, иш (ўқиш)дан холи машғулоти, шахсий қизиқишлари (муносабатлари) ва бошқа шу каби чегараланган муҳитлар бўлиб, шахс булар ҳақида маълумотлар ошкор этилишини истамаслиги мумкин (бу ҳуқуқ бошқаларнинг ҳуқуқларини бузганда қонунда белгиланган тартибда чегараланиши мумкин).

Шу билан бирга шахсий ва оилавий сир ҳам мазкур шахсий ҳаёт доирасидаги элемент бўлиб, у бошқаларга ошкор қилишдан сақланадиган маълумотни ташкил қилади. Масалан, шахсий ва оилавий сир сифатида фарзандликка олиш сирини, эр-хотиннинг ўзаро ҳаётини, ўзаро мулкий ва шахсий номулкий муносабатларини, бошқа шахслар билан яширин муносабатлари (ишқий муносабатлари ҳам) ва бошқа муносабатларига оид маълумотларни айтиш мумкин.

Демак, шахсий ҳаётга доир юқоридаги маълумотлар, шу жумладан шахсий ва оилавий сир сақланадиган маълумотлар қонун билан қўриқланади. Улар фақат шахснинг розилиги билангина (қонунда белгиланган истиснолар мавжуд, масалан, жиноят иши доирасида, бошқа шахс ҳуқуқини бузганда ва ҳоказо ҳолатларда) олиниши, сақланиши ва тарқатилиши мумкин.

Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш

Агар шу шахсий ва оилавий сирга оид маълумотлар шахснинг розилигисиз қонунга хилоф равишда олинса, сақланса ва тарқатилса, бу маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

1. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 461-моддасига кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Масалан, сиз бир уйланган эркак танишингизнинг бошқа бир аёл билан ишқий муносабатларидан хабардор бўлиб қолдингиз (унинг телефонидаги маълумотлар орқали ёки ўз кўзингиз билан гувоҳ бўлдингиз). Ушбу маълумотларни танишингизнинг хотинига ёки яқин қариндошларига (ёки Интернетда бутун жамиятга) етказмоқчи бўлсангиз, бу қилмишингиз юқорида келтирилган ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

2. Агар шахс бундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин 1 йил ичида яна шундай қилмиш содир этса, бу энди жиноят ҳисобланади.

Жиноят кодексининг 1411-моддасига кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.  

3. Лекин қуйидаги ҳолатларда шахсий ва оилавий сирга оид маълумотлар шахснинг розилигисиз қонунга хилоф равишда олинганда, сақланганда, тарқатилганида тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлади (маъмурий жавобгарлик қўлламасдан).  

Ушбу ҳаракатлар

а) оғир оқибатларга олиб келган бўлса (масалан, шахсий сири тарқатилиши оқибатида шахс ўз жонига қасд қилса);

б) ғаразли ниятларда содир этилган бўлса (шахсий ҳаётга доир маълумотни тарқатишда моддий наф кўришни қасд қилса (товламачилик аломатлари бўлмаса);

в) хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса.

Шахсга доир маълумотлар

“Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонунга кўра шахсга доир маълумотлар деганда муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот тушунилади. Масалан, жисмоний шахснинг

исми, фамилияси, отасининг исми;

туғилган вақти, туғилган жойи;

вақтинча ёки доимий яшаш жойи;

оиласи, ижтимоий ҳолати;

маълумоти, касби, лавозими, иш жойи;

даромадлари ва мулкий ҳолати;

телефон рақами;

шахсий сурати (фото ва ҳк.);

биометрик ва генетик маълумотлар ва бошқа маълумотлар.

1. Шахсга доир маълумотлар шахснинг ўз шахсий ҳаётида ўз хоҳиши билан сақланиши, тарқатилиши мумкин.

2. Шунингдек, қонунда белгиланган тартибда давлат органи томонидан ҳам ушбу маълумотлар талаб қилиб олиниши, сақланиши, уларга ишлов берилиши, тарқатилиши мумкин. Масалан, айрим давлат органлари (Ички ишлар вазирлиги, миграция ва фуқаролик хизматлари, Давлат чегара хизмати) сизнинг шахсингизга оид маълумотларни тегишли тартибда олади ва сақлайди (масалан, паспорт олишингизда ушбу маълумотлар олинади).

3. Ёки ишга киришда сиз ўз хоҳишингиз билан мазкур шахсга доир маълумотларни иш берувчига тақдим этасиз (анкета, паспорт, диплом нусхалари ва ҳоказо).

4. Айрим ҳолларда турли хизматлар, товарлар сотиб олаётганингизда шахсга доир маълумотларингизни тақдим этасиз ва улардан фойдаланишга розилик билдирасиз (масалан, уяли алоқа оператори, меҳмонхона хизмати, такси хизматлари, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар билан ўзаро муносабатга киришганда).

Ҳар қандай ҳолатда ҳам шахсга доир маълумотлар қонунда белгиланган тартибда олиниши, ишлов берилиши ва сақланиши шарт.

Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш биринчи мартада маъмурий, бир йил ичида қайта содир этилганда эса жиноий жавобгарликка асос бўлади.

Масалан, сиз танишингизнинг фотосуратини, исми-шарифи ва лавозими ҳақидаги маълумотни унинг розилигисиз ижтимоий тармоқ орқали тарқатдингиз. Бу маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

1. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 462-моддасига кўра шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

2. Агар шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин 1 йил ичида содир этилган бўлса, бу жиноий жаобгарликка сабаб бўлади (Жиноят кодексининг 1412-моддаси).

3. Қуйидаги айрим ҳолатларда эса бундай қилмиш тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка асос бўлади. Ўша ҳаракатлар:

а) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса;

б) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;

в) ғаразли ёки бошқача паст ниятларда содир этилган бўлса (моддий наф олиш учун);

г) хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса;

д) оғир оқибатларга сабаб бўлса.

Таъкидлаш лозимки, ушбу қилмишлар фақат маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш билан чекланмайди. Жабрланувчи (фуқаролик ишларида даъвогар) ўз шахсий ҳаёти дахлсизлиги ёки шахсига доир маълумотлар дахслсизлиги бузилгани учун моддий-маънавий зарарни фуқаролик суди орқали ундириши мумкин.

Ўткирбек Холмирзаев

ТДЮУ ўқитувчиси

Boshqa xizmatlar

Saytda savol berishingiz mumkin, bundan tashqari telefon orqali konsultatsiya olishingiz hamda kerakli hujjatlarni buyurtma qilishingiz mumkin



50 000 so'mdan
Foydalanish

Telefon konsultatsiya

Telefon raqamizgizni qoldiring va mutaxasis siz bilan tez orada bog'lanadi.

80 000 so'mdan
Foydalanish

Hujjat buyurtma qilish

Yuridik hujjat uchun buyurtma bering va qisqa vaqtda natijaga erishing