Чет тилларини ўргатувчи ўқув курслари очиш, турар-жойни нотурар жойга айлантириш учун лицензия ёки рухсат олиш шарт эмас, хабардор қилсангиз, кифоя! Фармон лойиҳаси

Utkirbek Kholmirzayev
Utkirbek Kholmirzayev 19.09.2020, 06:58
  • Fuqarolik huquqi (umumiy masalalar)
  • 606
Чет тилларини ўргатувчи ўқув курслари очиш, турар-жойни нотурар жойга айлантириш учун лицензия ёки рухсат олиш шарт эмас, хабардор қилсангиз, кифоя! Фармон лойиҳаси

Айрим фаолият турларини лицензиялаш ҳамда турли рухсат бериш тартиб таомиллари фуқаролар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари, шахснинг соғлиғи ва ҳаёти, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза ва назорат қилиш мақсадида ишлатиладиган механизмдир.

Ушбу ҳимоя механизми жамият ҳаётида ғоят муҳим бўлиб, унда мувозанатни ушлаш ҳал қилувчидир.

Шу билан бирга назоратни бутунлай бўшаштириш фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига зарар келтириш хавфини туғдирса, ортиқча тартибга солиш ва назорат тадбиркорликни қийинлаштиради ва харажатлар ошишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон Респуликаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони лойиҳасини мазкур мувозанатни таъминлаш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш нуқтаи назаридан баҳолаш мумкин.

Лойиҳа ўз мазмунига кўра лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, лицензия ва рухсат олишни соддалаштиришни назарда тутади. Фармон лойиҳаси билан 44 та лицензияланадиган фаолият йўналишлари ва 13 турдаги рухсатномалар хабардор қилиш механизмига ўтказилмоқда. Қарийб 100 та лицензияланадиган фаолият йўналишлари ва 35 та рухсатномаларни бекор қилиш орқали (31 та) ёки муқобил шаклларга ўтказиш таклиф этилмоқда.

Лойиҳада белгиланган инсон соғлиғи ва жамиятга зиён етказмайдиган лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг айрим турларини қисқартириш билан бирга уларни тартибга солишнинг муқобил усулларига ўтказиш эътиборга сазовор.

Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг муқобил усуллари

Ҳуқуқ-тартиботнинг ҳуқуқлар бузилиши ва адолатсизликка жавоб сифатида ҳар қандай назоратнинг 2 хил модели мавжуд: олдиндан назорат ва кейинги назорат.

Биринчиси ex ante – олдиндан назорат қилиш модели: асосан бирон фаолиятни амалга оширишдан олдин унга муайян талаблар қўйиш орқали салбий оқибатларнинг олдини олишни назарда тутади. Фаолият турларини лицензиялаш ёки айрим рухсат бериш тартиблари айни шу моделга асосланади. Айниқса, бизнинг ҳуқуқ тизимимизда бундай назорат шакллари кенг қўлланилади. Масалан, ўқув курсларини очишда нодавлат таълим ташкилоти фаолият бошлашидан аввал тегишли ваколатли органга фуқаролар ҳуқуқлари бузилмаслиги, малакали таълим ташкил этилиши учун ўрнатилган талабларга жавоб беришини тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа далилларни тақдим қилади. Агар талабларга жавоб берса унга лицензия берилади ва фаолиятини амалга ошириши мумкин бўлади.

Ex post – кейинги назорат эса фаолиятни амалга оширишни бошлашда субъектга бир мунча эркинлик беради, олдиндан муайян талабларга жавоб беришни тасдиқлашни сўрамайди. Лекин муайян фаолиятни амалга ошириш жараёнини ва қўйилган талабларга риоя этилишини синчиклаб кузатиб боради ва улар бузилган тақдирдагина аралашади, тегишли жавобгарликни қўллаш орқали ҳуқуқбузарнинг хулқ-атворига таъсир қилинади, етказилган зарар ундирилади.

Ушбу назорат моделлари универсал бўлиб, фаолият тури, ўзига хос хусусиятлари, моҳияти ва бошқа мезонларга қараб улардан энг маъқулини танлаш мумкин.

Айтиш мумкинки, айрим фаолият соҳаларида аввалдан муайян талабларга мувофиқлик талаб қилиниб, лицензиялашдан кўра фаолият давомида бундай талабларга риоя этилишини назорат қилиш маъқулроқ ва самаралироқ ҳисобланади.

Лойиҳа қандай муқобил усулларни таклиф қилмоқда

Чет тилларни ўргатиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш учун лицензиялаш тартибини бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Лойиҳада 25 турдаги лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомиллари ўрнига хабардор қилиш тартиби жорий этилиши таклиф қилинган. Масалан, нодавлат таълим фаолиятида чет тилларни ўргатиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш учун лицензиялаш тартиби бекор қилиниб, ўрнига мазкур фаолият бўйича хабардор қилиш тартиби жорий этилмоқда.

Яъни, чет тилларини ўргатиш учун ўқув курси очмоқчи бўлган тадбиркор энди лицензия олиши шарт эмас. Мазкур фаолиятни бошлагани ҳақида ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясини ёзма равишда хабардор қилиши етарли. Бизнингча, бу билан жуда тўғри ечим таклиф этилган.

Тўғриси, чет тилларини ўргатувчи курс учун аввалдан алоҳида талабларга жавоб беришни тасдқилаш каби лицензия талаби ортиқча эди. Зеро, бу курс ҳеч қандай академик даража бермайди, кишилар ўзи истаган тилларни ўзлари етарли деб билган мутахассислардан ўрганади. Бу каби таълим хизматлари сифатини бозорнинг ўзи тартибга солишини амалиёт кўрсатиб турибди. Қолаверса, лицензиялаш ўрнига хабардор қилиш тартиби жорий этилиши ўқитиш талаблари бутунлай назоратдан четда қолади, дегани эмас. Ваколатли органлар қонун ҳужжатларида белгиланган назоратни тегишли мурожаатлар ёки хавф-таҳлил натижаларига кўра амалга оширишлари мумкин бўлади. Бу, юқорида айтганимиз кейинги назорат модели бўлиб, бутун дунё амалиятида самарали қўллаб келинади.

Концерт-томоша фаолиятини лицензиялашни бекор қилиб, хабардор қилиш тартиби таклиф этилмоқда

Шунингдек, концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тартиби ҳам хабардор қилиш тартибига алмаштирилмоқда. Ушбу соҳадаги лицензия можаролари ўтган вақт ичида кўпчилик эътиборини тортиб келган. Санъат ва у орқали тадбиркорлик фаолиятини лицензия билан назорат қилиш ўз аҳамиятини йўқотганди. Ушбу лойиҳада таклиф этилган муқобил тартибга солиш усули ўринли ва мантиқли бўлади. Концерт-томоша фаолиятини бошламоқчи бўлган шахс ўз фаолиятини бошлаш олдидан аввалги каби лицензия олмайди, балки фаолият бошлаганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбекконцерт” давлат муассасасини хабардор қилади холос.

Турар-жойни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсатнома олиш тартибини бекор қилиш таклиф этилмоқда

Лойиҳада яна бир муҳим рухсат бериш тартиб-таомили бекор қилинган, турар-жойни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсатнома олиш тартиби ўрнига хабардор қилиш тартиби жорий этилган. Энди турар-жойингизни нотурар жойга айлантирмоқчи бўлсангиз, аввалгидек тегишли туман (шаҳар) қурилиш ва кадастр бўлимлари, давлат солиқ инспекциялари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларини эксплуатация қилувчи ташкилотлардан рухсат олишингиз шарт бўлмайди. Ушбу ташкилотларга турар-жойингизни нотурарга айлантирганингиз ҳақида хабар берсангиз етарли.

Қолаверса, 2021 йилдан “Лицензия” автоматлашган ахборот тизими яратилиб, ишга туширилиши белгиланган. Бу эса лицензиялаш, рухсат бериш, шунингдек, фаолият ҳақида хабардор қилишни янада қулай ва шаффоф бўлишини таъминлайди.

Шунга қарамай, тадбиркорлик фаолияти фаоллигини секинлаштирувчи ва хавф туғдирмайдиган яна бир қатор рухсат бериш тартиб-таомилларини ҳам мазкур лойиҳага киритиб, бекор қилишни таклиф қилардик.

Масалан, мебель саноатининг асосий хом ашёси бўлган МДФ ва ДСП (товар ТИФ кодлари 4410, 4411) маҳсулотларини чет элдан олиб киришда ўсимликлар карантинига олиниб, текширилади. Маълумки, юқоридаги тахта маҳсулотлари хом тахта эмас ва катта ҳарорат остида чуқур техник ишловдан ўтади ва уларда карантинга олинадиган хавфли ўсимлик уруғи яшаб қолиши имконсиз. 2017 йилга қадар ушбу маҳсулотлар карантиности маҳсулоти бўлмаган.

Айни вақтда ўсимлик карантини сабабли мебель саноати соҳасидаги тадбиркорлар ушбу маҳсулотларни мамлакатимизга олиб келишда ортиқча вақт ва маблағ йўқотмоқда. Хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, яқин хориж мамлакатларида ҳам, Европа Иттифоқида ҳам (ЕИ нинг 2000 йил 8 майдаги №2000/29-сон Директиваси) айни ишлов берилган тахта маҳсулотларига ўсимлик карантини қўлланилмайди. Шу сабабли, мазкур рухсат бериш тартиб-таомилини ҳам бекор қилиш ва муқобил усулда тартибга солиш мақсадга мувофиқ.

Умид қиламизки, Фармон лойиҳаси муҳокамадан муваффоқиятли ўтиб, янада кўпроқ лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомиларини қисқартиришларни назарда тутувчи таҳрирлар билан тез орада қабул қилинади.

 

Ўткирбек Холмирзаев

ТДЮУ ўқитувчиси

Boshqa xizmatlar

Saytda savol berishingiz mumkin, bundan tashqari telefon orqali konsultatsiya olishingiz hamda kerakli hujjatlarni buyurtma qilishingiz mumkin



50 000 so'mdan
Foydalanish

Telefon konsultatsiya

Telefon raqamizgizni qoldiring va mutaxasis siz bilan tez orada bog'lanadi.

80 000 so'mdan
Foydalanish

Hujjat buyurtma qilish

Yuridik hujjat uchun buyurtma bering va qisqa vaqtda natijaga erishing